“Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг мамлакат босқичи якунланди
Жиззахда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг мамлакат босқичи якунланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 жамоа таркибида 140 нафар ўқувчи иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган анъанавий мусобақа иштирокчилари мерганлик, кросс, турникда тортилиш, граната улоқтириш, тўсиқли йўлаклардан ўтиш, жой топографияси каби ҳарбий-спорт ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий тайёргарлик, хорижий тил билимдонлиги сингари шартлар бўйича баҳслашди.
Мусобақада барча шартларда юқори натижага эришган Наманган қурилиш ва дизайн касб-ҳунар коллежининг “Лочинлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-академик лицейнинг “Алпомиш” жамоаси иккинчи, Нукус давлат педагогика институти қошидаги 3-академик лицейнинг “Амир Темур ворислари” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар кубок, диплом ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.