Спорт | 10:46 / 03.06.2016
4975
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда мактабдан қайтаётган 6-синф ўқувчиси тасодифан марафон иштирокчисига айланди

Мактаб ўқувчиси Бекжан Кармишаков тасодифан Иссиқкўлдаги Run The Silk Road пойгасида иштирок этди. Пойга учун Бостери қишлоғидан Темир аҳоли пунктигача бўлган 20 километрли йўл беркитилди. 12 ёшли бола мактабдан уйга қайтаётиб, югуриб кетаётган одамларни кўрган ва уларга қўшилиб кетган. 

Марафон давомида Бекжан бошқа иштирокчиларга онаси тушлик учун тайёрлаб берган егуликлардан улашган. Натижада у 21 километр масофани босиб ўтган.  

"Барча югуриб кетаётгани учун мен ҳам уларга қўшилиб югуравердим. Онам мактабда ейишим учун тушлик солиб берган эди, мен эса йўл давомида егуликларни барчага тарқатдим. Мен тонгда югураман, шу сабабли бу масофани югуриб ўтиш қийин бўлмади", -  дейди марафон иштиркчиси Бекжан Кармишаков.

Ташкилотчилар ўсмирга медаль ҳамда диплом топширишди. Шунингдек, у келаси марафонларда бепул иштирок этиши учун сертификат билан ҳам тақдирланди.

"Бекжанни Бишкекдаги енгил атлетика бўйича Спорт мактабига таклиф қилишди. У ерда келаси марафонларда иштирок этиш учун тайёргарлик кўриш мумкин. У бизни ҳайрон қолдирди, навбатдаги тадбирларда ҳам уни кутиб қоламиз", - дейди Run The Silk Road марафони ташкилотчиси Нурлан Жуманалиев.