Ўзбекистон пиллакорлари давлатга пилла сотиш режасини бажарди
Ўзбекистон пиллакорлари 26,2 минг тоннадан зиёд пилла тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини бажарди. Бу ҳақда УзА хабар тарқатди.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда ўзбекистонлик пиллакорлар “Ипакчи-1”, “Ипакчи-2”, “Ўзбекистон-5”, “Ўзбекистон-6” каби серҳосил, иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан ипак қурти парваришлаб, ҳар қутидан ўртача 58,2 килограммдан ҳосил олди.
Шу билан бирга, фермерларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани самарадорликнинг муҳим омили бўлди. Хусусан, пилланинг харид нархи ўртача 11 фоиз оширилиб, ҳосил қийматининг 43 фоизи миқдоридаги маблағ мавсум бошиданоқ бўнак сифатида берилди.
"Бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас ва бошқа маҳсулотлар олиш мумкин", дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг пиллачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Қаҳҳор Ёвқочдиев.