ОАВ: Саудия Арабистони қироли ўғли АҚШда музокаралар ўтказмоқчи
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ўринбосари, қирол Салмоннинг ўғли Муҳаммад ибн Салмон Ал-Сауд июнь ўртасида АҚШда бир неча юқори лавозимдаги амалдорлар билан музокаралар ўтказмоқчи. Қирол ўғли АҚШ президенти Барак Обама билан учрашиши эҳтимоли мавжуд, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.
Муҳаммад қироллик суди ва мудофаа вазирлигини бошқаради. Агентлик маълумотларига кўра, у Пентагон раҳбари Эштон Картер билан учрашиши керак. Томонлар жумладан Яман ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилишлари кутилмоқда.
Манбалардан бирининг айтишича, Муҳаммад ибн Салмон Вашингтонга 14-16 июнь кунларида келади, сўнгра Нью-Йоркда молиячилар билан учрашади ва эҳтимол Лос-Анжелесга ташриф буюради. Унинг бу сафари ҳақида ҳали расман маълум қилинмаган.
Таъкидланишича, музокаралар энергетик бозорлардаги вазиятнинг ёмонлашиши ҳамда Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги мураккаб муносабатлар ортида бўлиб ўтади.