ОАВ: Туркия фуқароси қочқин болаларни зўрлагани учун 108 йилга қамалди
Туркия суди, суриялик қочқинлар учун Газиантеп провинциясида барпо этилган лагерда ишлаган фаррошни 108 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. У, лагерда истиқомат қилган болаларга жинсий тажовуз жиноятларини содир этганликда айбдор топилган, деб ёзмоқда мамлакатда чоп этиладиган Hurriyet газетаси.
29-ёшли зўравон, 2015 йил сентябр ойида ушланган эди. У, 3 ой мобайнида 8-12 ёшли болаларга нисбатан ўз жиноятларини лагер ҳожатхонасида амалга ошириб келган. Бунинг учун, баччабоз уларга унча кўп бўлмаган пул ҳам берган.
Аввалроқ турк ОАВ, 8 нафар зўрланган боланинг ота-онаси жиноятчи устидан судга мурожаат қилгани ҳақида хабар қилган эди. Бошқалари эса, қочқин мақомини йўқотиб қўйишдан хавфсираб, бундай чорага қўл уришдан ўзларини тийишган.
Бу жиноят, Туркия жамоатчилигида кескин акс-садо берди. Бундан ташқари, 2,7 миллиондан ортиқ суриялик қочқинлар ҳам ўз ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилишганди.