Жаҳон | 20:07 / 05.06.2016
6267
1 дақиқада ўқилади

Ҳалаб яна бир бор ҳаво ҳужуми остида қолди

Суриядаги манбалар тарқатган хабарларга кўра, мамлакат шимолидаги мухолифат кучлари қўлидаги Ҳалаб шаҳрига ҳаво зарбалари берилган.

AFP ахборот агентлигининг ҳудуддаги манбаларга асосланиб хабар беришича, қутқарувчилар ҳужумдан кейин вайрон бўлган уйлар остидан камида 20 кишининг жасадини чиқариб олишган.

Сурия ҳукумати нашрлари бу ҳужум шаҳарнинг ҳукумат қўшинлари назоратидаги 3та туманига йўналтирилгани ҳақида хабар тарқатди. Расмий маълумотларга кўра, ракета зарбалари туфайли 24 киши ҳалок бўлган.

Ҳалаб шаҳри Суриянинг собиқ иқтисодий пойтахти эди. У айни дамда икки қисмга ажралган: шарқида исёнчи кучлар, ғарбида ҳукумат қўшинлари назорат ўрнатган.

Бир неча ҳафтадан буён ҳукумат қўшинлари февраль ойида тузилган ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳга қарамасдан мухолифат вакиллари томонидан артиллерия зарбалари бериб келинаётганини иддао этади.