Японияда АҚШ ҳарбийларидан бири маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун қўлга олинди
Япония Мудофаа вазири Гэн Накатани Окинавадаги америкалик ҳарбий хизматчилар томонидан яна бир марта қоида бузилиши содир этилганидан эътироз билдирди.
Окинава оролидаги Каден базасида хизмат қилувчи 21 ёшли америкалик ҳарбий хизматчи аёл маст ҳолатда автомобиль бошқаргани учун қўлга олинган. У қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган автомобилга тўқнашиши туфайли 2 япониялик жароҳатланган. Таҳлиллар натижаси америкаликнинг қонида алкоголь миқдори меъёридан 6 марта ортиқлигини кўрсатган.
АҚШ қўмондонлиги 27 май куни Окинавадаги ҳарбий база хизматчилари учун ходимларидан бири, АҚШнинг 32 ёшли фуқароси Шинзато Кеннети Франклин 20 ёшли япониялик Рина Симбукуронинг ўлимида гумонланиб қўлга олинганидан кейин комендантлик соати жорий этганди.
Унга кўра, базадаги америкалик ҳарбийлар ва бошқа ходимлар 24 июнь кунига қадар база ташқарисида спиртли ичимлик истеъмол қилиши тақиқланган. Ходимларнинг барчаси тайинланган соатларда базага қайтиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Маълумотларга кўра, Окинава ороли Япония ҳудудининг 1 фоизини ташкил этса-да, бу ерда мамлакатда бўлган америкалик ҳарбийларнинг 75 фоизи жойлаштирилган.