Жамият | 23:55 / 05.06.2016
10544
2 дақиқада ўқилади

Мирзо Улуғбек хиёбонида "Сабантуй" байрами бўлиб ўтди

5 июнь куни, соат 9:00да Ўзбекистондаги татар миллатига мансуб кишиларнинг ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган "Сабантуй" байрами бошланди. Байрамда татар халқининг турли миллий ўйинлари, мусобақалари ва қизиқарли саҳна кўринишларидан иборат концерт дастури уюштирилди.

Спорт ўйинларидан арқон тортиш, кураш, стол тенниси, ёстиқ жанги, қўчқор уриштириш, сув ташиш каби бир неча қизиқарли ўйинлар ўтказилиб, бу ўйинларга бевосита томошабинлар ҳам жалб этилди.

Татар миллий эстрадаси хонандалари томонидан куйланган шўх ва рақсбоп қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

Байрам муносабати билан хиёбонда қўл меҳнати билан яратилган ажойиб буюмлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ушбу буюмларда татар миллати анъаналари, рамзлари акс этган.

Байрам соат 16:00гача давом этди.

Байрам тарихи ҳақида қисқача маълумот: "Сабантўй" татар халқининг ёз мавсумида бўлиб ўтадиган байрамлардан бири ҳисобланиб, илгари ушбу байрам экин мавсумидан сўнг нишонланган.

"Сабантўй"да татар халқи маълум майдонда тўпланиб, драматик томоша ва ўйин-кулгилар уюштирилган. Ушбу байрам маълум ҳудуднинг кўплаб қисмларида, шаҳарлар, туманлар бўйлаб ўтказилган. "Сабантўй"да турли мазали пишириқлар пиширилган. Байрам учун махсус либослар тикилган. Майдонда байрамона юришлар ташкил этилиб, барчага кўтаринки кайфият улашилган.

Қуйидаги лавҳа қисқача байрам жараёнидан олинди.