Жаҳон | 17:10 / 05.06.2016
9597
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта круиз лайнери Барселонага етиб келди

Дунёдаги энг катта саёҳат кемаси якшанба куни Барселона портига ташриф буюрди, деб ёзади El Periodico.

Лайнер Франциянинг Сен-Назар шаҳридан 15 май куни йўлга чиққан эди. Кема Буюк Британиянинг жанубий соҳилидаги Саутҳэмптон портига жўнади ва у ердан илк йўловчиларни олди. Бу ҳафта давомида у Виго (Понтеведра провинцияси, Галисия мухтор ҳамжамияти) ва Малага (Андалусия мухтор ҳамжамияти)да  қисқа тўхталишлар амалга оширилди. Шундан сўнг кема ёзги мавсумда вақтинчалик база вазифасини ўтайдиган Барселона томон йўл олди.                

Harmony of the seas номли круиз лайнерининг сувдаги ҳажми 227,5 минг тонна, кенглиги — 66 метр, узунлиги — 362 метрни ташкил этади. Унинг қурилиш ишларига 32 ой вақт кетган. Бортга 6 780 йўловчи ва 2 100 экипаж аъзоси сиға олади.

Ёзги мавсум давомида лайнер Лас-Пальмас, Марсель, Специя, Неаполь ва бошқа шаҳарларда тўхтаб ўтиб, Ўрта Ер денгизи бўйлаб етти кунлик саёҳатни амалга оширади. Тахминларга кўра, мавсумда 140 мингга яқин киши кемага чиқади.                                                                                                

Куз мавсумида Harmony of the seas кемаси Атлантика океанини кесиб ўтиб, Форт-Лодердейл (Флорида)га етиб келади ва шу ердан Кариб денгизи бўйлаб саёҳатни давом эттиради.

Бортда театр, муз учиш майдони, 20та ресторан, тижорат галереялари, казино, спортзал, бассейнлар, баскетболь майдони, боғ, сув аттракционлари ва бошқалар мавжуд бўлиб, у ердаги барларнинг бирида мижозларга роботлар хизмат қилади. 

Harmony of the seas кемасигача дунёдаги энг катта йўловчи ташиш транспорти мақоми 2010 йилда ишга туширилган Allure of the Seas’га тегишли бўлган.