Жаҳон | 14:47 / 06.06.2016
5858
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ИИВ: Ақтўбедаги ҳужум кузатув камераларида акс этгани ҳақидаги видео сохта

Ақтўбедаги ҳужум тасвири экани айтилаётган, кўчалардан биридаги кузатув камералари орқали олинган видео аслида бошқа жараёнга тегишли. Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати раҳбари Алмас Садубаевнинг айтишича, бу май ойида олинган реклама ролигининг бир парчаси.

Бундан олдинроқ, интернетда машина люкидан чиқиб отишма бошлаган ва кўчада қурол кўтариб юрган оломон тасвирланган видео Ақтўбедаги жиноий гуруҳнинг ҳужуми тасвирлари сифатида келтирилганди.

"Май ойида Ақтауда "Спецназ" ва "Арлан" номли сериаллар суратга олиниши бошланди. Съёмка сюжетига кўра, бир гуруҳ кишилар қуролланган ҳолда кўчаларда туриб, машиналардан туриб, машиналарнинг люкидан отишма уюштиради. Бу ролик 4-5 май кунлари ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалганди", дея Садубаевнинг сўзларини келтиради bnews.kz нашри.

Якшанба куни диний оқим аъзолари бўлга жиноий гуруҳ Ақтўбедаги 2та қурол сотиладиган дўконга ҳамда ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 3 киши ҳамда 3 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. 20дан ортиқ кишини ўз ичига олган гуруҳнинг йўқотишлари сони дастлаб 4 киши бўлди.

Шаҳарда аксилтеррор режим жорий қилинди. Жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди, кўнгилочар масканлар ва савдо марказлари ёпиб қўйилди. Аҳолига уйларни тарк этмаслик тавсия этилди.

Тунги тезкор-қидирув тадбирлари давомида полиция ходимларига қаршилик кўрсатган яна беш нафар жиноятчи йўқ қилинди ва икки нафари қўлга олинди. Айни вақтга келиб, жами 9 жиноятчи йўқ қилинган, 9 нафари ҳибсга олинган.