АҚШ ҲДК авиаташувчиларининг ярмидан кўпини сафарбар этди
АҚШ ҳарбий денгиз кучлари 2012 йилдан бери илк маротаба яна тўртта авианосецини ҳарбий навбатчиликка жўнатиш билан сафарбар этилган авиаташувчилари сонини 6тага етказди. Defense News агентлиги ҳарбий денгиз кучлари вакилига таянган ҳолда шу ҳақда хабар қилган.
Умуман, Америка мудофаа вазирлиги ихтиёрида 10 дона ҳарбий самолётларни таший оладиган жанговар кемалар мавжуд. "Рональд Рейган" авиаташувчиси 4 июнь куни Япониядаги Йокосука ҳарбий денгиз базасини тарк этди.
Бундан аввалроқ, АҚШнинг шарқий соҳилидан "Дуайт Эйзенхауэр" зарба бериш гуруҳи сафарга отланганди. У, ИШИД террористик ташкилотига зарба беришга ёрдам беради. Шу пайтгача, жангарилар позицияларига Ўрта ер денгизидаги "Ҳарри Труман" авиаташувчиси зарбалар бермоқда. "Жон Стеннис" эса, Жанубий Хитой денгизида ўз вазифасини адо этяпти, деб қайд этади агентлик.
"Карл Винсон" ва "Жорж Вашингтон" авиаташувчилари ўз навбатида ўқув машғулотлари ўтказиш мақсадида Американинг шарқий ва ғарбий соҳилларини тарк этган.
Хабарларга кўра, АҚШ ҲДК яқин орада еттинчи авиаташувчи кема—"Жорж Буш"ни ҳам патрул қилиш учун денгизга чиқаришни режалаштирмоқда.
Денгиз кучлари вакилининг айтишича, бу кемаларни кенг кўламда сафарбар этиш бирон-бир аниқ зиддият сабабли амалга оширилмаяпти.