Жамият | 10:42 / 07.06.2016
4755
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: британиялик бош миясига зарар етказгани учун Копперфильдни жазолашни талаб қилмоқда

Буюк британиялик сайёҳ Гэвин Кокснинг айтишича, у америкалик кўзбойлағич Дэвид Копперфильднинг томошаларидан бирида жароҳат олиб, бошмиясини зарарлантириб олган, деб ёзмоқда The Sun нашри. 

2013 йили Лас-Вегасда таваллуд кунини нишонлаган Кокс, кўзбойловчининг чиқишларидан бирида, саҳнага осиб қўйилган қафасдан йўқолиб, залда пайдо бўладиган 13 кишининг бири бўлган. 

Кўнгиллиларни яширин туйнукдан олиб чиқишаётганда, Гэвин сирпаниб, йиқилиб тушган. Шифохонада эса Кокснинг елкаси чиққанини айтишганига қарамай, кейинчалик жиддий текширувлардан сўнг, бошмия ҳам зарарлангани аниқланган. 

Маҳкама жараёнида Кокснинг уқдиришича, фокусчи трюкда иштирок этганларнинг хавфсизлигини таъминлай олмаган. Унинг сўзларига кўра, жароҳатдан сўнг, у соғлиғи ва бизнесини йўқотган. Кокс бунгача Лондондаги  Buck клубида бош ошпаз бўлиб ишлаган ҳамда қиролича Елизавета, Маргарет Тэтчер ва актер Кристофер Ли учун таом тайёрлаган.

Кўзбойлағич ва унинг жамоаси, уларга нисбатан илгари сурилаётган айбловларни инкор этиб, жароҳат ва ундан кейинги муаммолар Коксда аввалдан бўлганини таъкидламоқда.