Слаломда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубогининг биринчи босқичи бўлиб ўтди
Наманганда слаломда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубогининг биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди. Унда Наманган, Андижон, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 120 нафар спортчи иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналида ўтказилган мусобақанинг турли йўналишларда эшкак эшиш бўйича яккалик баҳсларида пойтахтлик Алибек Темиргалиев, Абубакр Буканов, Жанибек Темиргалиев, Рамил Кирпичёв, наманганлик Бобур Лутфуллаев, Шаҳризод Валижонов ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Жуфтликлар ўртасида каноэда эшкак эшишда пойтахтлик Муҳибулло Эргашев ва наманганлик Алишер Камолов жуфтлиги биринчи, наманганлик Энвер Дуважиев ва Миржалол Мирзамаҳмудов иккинчи, фарғоналик Равшан Жумаев ва Хуршид Рўзиев жуфтлиги учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг иккинчи босқичи 22-26 июнь кунлари Андижон шаҳрида бўлиб ўтади.