Смоллинг Евро-2016 турнирига ўз ўйинчоғи билан ташриф буюрди
Англия терма жамоаси сафида Францияга етиб келган "МЮ" футболчиси, 26 ёшли Крис Смоллинг ўзи билан сафарга ўйинчоқ шерни олиб келди. Терма жамоа аъзолари аэропортда тушган суратда ҳам, футболчилар автобусдан тушиб меҳмонхонага кириши вақтида ҳам Смоллингнинг рюкзаги устида йириккина ўйинчоқ шерни кўриш мумкин.
Англия терма жамоаси Шантайи шаҳридаги меҳмонхонага жойлашган. Шаҳар мэри Эрик Вэрт ташаббуси билан англияликларни Auberge du Jeu de Paume меҳмонхонасида кутиб олиш маросими ташкиллаштирилган. Терма жамоани меҳмонхона ҳовлисида отлиқ аёллар қуршовидаги оркестр кутиб олган.
Мэр Англия делегациясининг ҳар бир аъзоси билан қўл сиқишиб кўришган.
Сешанба куни Англия терма жамоаси дастлабки машғулотларни ўтказади. Унда 400 мухлис иштирок этиши кутилмоқда.
Шантайи шаҳри Париждан 40 км шимолда жойлашган. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бири қоялар орасида қурилган қадимий қаср ҳисобланади. Қалъани чор тарафдан сув қуршаган. Шантайи шаҳри аҳолиси 11 минг киши.
Англия терма жамоаси турнирнинг гуруҳ босқичида Уэльс, Россия ва Словакия терма жамоаларига қарши баҳслар олиб боради. Биринчи ўйин 11 июнь куни Россияга қарши Марсель шаҳрида кечади.