Ўзбекистон | 13:50 / 07.06.2016
5326
2 дақиқада ўқилади

Воронежда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» тақдимот маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон вакиллари 1-4 июнь кунлари Россиянинг Воронеж шаҳрига ташрифни амалга оширди. Ушбу сафар Воронеж ва Тошкент ўртасида доимий авиапарвозларни йўлга қўйиш арафасида амалга оширилган.

Делегация таркибига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК вакиллари, сайёҳлик агентликлари ва республика бизнеси намоёндалари киришган. 

Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси маҳаллий бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро фойдали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этишган. 

Ўзбекистон вакиллари ўз туристик имкониятларини намойиш қилиш билан бир вақтда ҳудуднинг саёҳлик имкониятларига ҳам баҳо беришган. Делегация вакилари ҳудуд меҳмонхоналари ва санаторияларида бўлишган.

«Воронеж»  аэропортининг бош директори Александр Белевич аэрпортда биринчи чет эл авиакомпанияси пайдо бўлиши катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Униинг айтишича, бу ҳудуд аҳолисига бутун Жанубий-Шарқий Осиё учун йўл очиб беради. Белевич келажакда аэропортда Грузия ва Озарбайжон йўналишларига ҳам йўл очилишига умид билдирди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК фаолияти билан ҳам таништиришган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» 14 июндан Воронеж - Тошкент йўналиши бўйича парвозларни амалга оширишни бошлайди. Рейс ҳафтанинг сешанба кунлари Airbus-A320 самолётларида амалга оширилади. Эҳтиёжга қараб, рейсларнинг сони оширилиши мумкин.