Спорт | 15:55 / 07.06.2016
8654
3 дақиқада ўқилади

Златан Ибраҳимович: «Мен Францияга президент Олланддан кўра кўпроқ ёрдам бердим»

«ПСЖ»ни эркин агент сифатида тарк этаётган Златан Ибраҳимович ўзининг француз футболидаги ўрни ҳақида гапириб ўтди.

Le Monde мухбири унга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилган.

- Келинг аввало пул ҳақида гаплашамиз.

– Яхши. Ўйлайманки, пул барча ишларни ҳал қилади. Лекин бахт пулда эмас, буни одамлар тушуниши керак.

- 2015 йилги даромадингиз 20 миллион еврони ташкил қилган экан.

– Бор-йўғи шунча деб ўйлайсизми?

- Унда тахминан қанча бўлганди?...

– Сиз ярим йиллик маошим миқдорини айтдингиз.

- Жуда кўп пул ишлаб топган экансиз.

– «Жуда кўп» нима дегани? Мен бу сўзни тушунмайман. Нархлар бозорни белгилайди. «Кўп» ёки йўқ – бу менинг муаммоим эмас. Бозор айтди: «Бу сенинг нархинг». Агар бошқа футболчи 10 баробар яхши бўлса, 10 баробар кўп маош олади. Шундай ишланади.

- Бундай рақамдар одамларни шокка солиши мумкинлигини тушунасизми? Айниқса иқтисодий инқироз даврида.

– Сиз биласизми, мен қанча маош тўлайман?

- Йўқ, айтингчи?

– Бир сўз билан айтганда, мен мамлакатга президент Франсуа Олланддан кўпроқ ёрдам бераман.

– Ахир 75 фоизлик даромад солиғи кун тартибидан олиб ташланганку?

– Окей. Сиз буни аниқ биласизми? Мен эса тўлашда давом этмоқдаман. Мен солиқ идораларига каттагина пул тушириб бераман.

- Франция ҳақида гапириб беринг.

– Ибра келди ва асосий қаҳрамонга айланди.

- Яна нимадир қўшимча қилингчи?

– Йўқ, шу гапим кифоя.

- Французлар 2015 йил мартида сиз бу мамлакатни ҳақорат қилганингизда шокка тушиб қолганди.

– Ахир гап футбол ҳақида эди. Бу Францияга алоқадор эмасди. Бу иккиси алоҳида нарсалар. Мен хато гапиргандим, лекин бу мамлакатга эмас, футболга тааллуқли гап эди. Ахир 4 йил яшаган юртинг ҳақида ёмон гап айтиш мумкинми? Агар бу ерда яшаш ёқмаганида аввалроқ кетган бўлардим» – дейди Ибраҳимович.