Жаҳон | 11:47 / 08.06.2016
5929
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон МХҚ: 20 нафар экстремист Ақтўбедаги терактларда иштирок этишдан бош тортган

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раҳбари Владимир Жумакановнинг маълум қилишича, Ақтўбеда терактлар амалга оширилишига тайёргарлик жараёнида радикал оқимнинг 20 нафар аъзоси унда иштирок этишдан бош тортган. Бу ҳақда Қозоғистон президенти сайтида хабар берилган.

Унинг қўшимча қилишича, айни вақтда терактда иштирок этишда гумон қилиниб, 6 киши қидирилмоқда. Улар Ақтўбедан ташқарига чиқиб кета олмаган.

"Шу вақтгача ўтказилган аксилтеррор амалиётлар вақтида 13 киши ўлдирилди, 14 киши ярадор қилинди. Бу терактларга тайёрланиш босқичида гуруҳнинг 20 нафар аъзоси бундан бош тортган. Уларнинг шахси аниқланган ва терговга тортилган. Терактларда иштирок этган 6 киши озодликда қолмоқда, уларнинг вилоят ҳудудидан чиқиб кетмагани аниқ", дея Жумакановнинг сўзларини келтиради матбуот хизмати сайти.

Ақтўбедаги ҳужумлар бўйича 20дан ортиқ жиноий иш очилган. Айни вақтда Қозоғистонда террорчилик хавфининг "сариқ" даражаси ҳукм сурмоқда.