Жаҳон | 10:55 / 08.06.2016
4345
2 дақиқада ўқилади

Лондон иқтисодиёт ва тинчлик институти "Глобал тинчлик индекси"ни эълон қилди

Лондон шаҳридаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти (The Institute for Economics and Peace) жаҳон мамлакатларининг 2015 йилдаги иқтисодиёт ва тинчлик даражасига оид "Глобал тинчлик индекси"ни эълон қилди. Тадқиқотда, сайёрамизнинг 99,7 фоиз аҳоолиси истиқомат қиладиган 163 мамлакатидаги вазият таҳлил қилинган. 

Ҳисоботни тайёрлашда 23 та турли кўрсаткичларга оид рақамлар солиштирилган. 

Айтиш жоизки, 2014 йилги рейтингга нисбатан, Баҳрайн, Яман, Туркия, Украина ҳамда Ливия сезиларли равишда кўрсаткичини пасайтирган. Панама (24 ўрин юқорилаган), Шри-Ланка (18), Қозоғистон (16), Тайланд (9), Мавритания (8) ва ЖАР (7) поғона кўтарилиб, рейтингдаги ўринларини бирмунча яхшилашнинг уддасидан чиққан.

Рейтингга кўра, дунёнинг энг тинч мамлакати Исландия ҳисобланади. Биринчи ўнликка шунингдек, Дания, Австрия, Янги Зеландия, Португалия, Чехия, Швейцария, Канада, Япония ва Словения ҳам кирган. 

Тинчлик борасидаги вазият энг ёмон мамлакатлар сирасига Сурия, Жанубий Судан, Ироқ, Афғонистон ва Сомали киритилган.

Гарчи, Россия рейтингда бир поғона кўтарилган бўлса-да, у 151 ўринни эгаллаб, Шимолий Кореядан юқорида турибди. МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич Молдовага тегишлидир. Унинг рейтингдаги ўрни 70-поғонага муносиб кўрилган. Ўзбекистондаги тинчлик индекси эса, 113 ўринга мос топилган. 2014 йилги айни рейтингда Ўзбекистон Қозоғистондан кейинги 104 ўринни эгаллаган эди. 

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистондаги тинчлик билан боғлиқ вазият юқори баҳоланган ва 87 ўринга жойлаштирилган. У, 2014 йилги кўрсаткичини сезиларли яхшилашга эришган. Туркманистон (106), Тожикистон (108), Қирғизистон (121) ўринни эгаллаган. 

Ҳужжатда шунингдек, сиёсий беқарорлик билан боғлиқ ҳолатлар кучайиб бораётгани таъкидланган. Бу борада, Жибути, Гвинея-Бисау, Польша, Бурунди, Козоғистонва ва Бразилия каби давлат қайд этилган.