Жаҳон | 10:31 / 08.06.2016
5608
2 дақиқада ўқилади

Мисрда қабилалараро тўқнашувларнинг 25 иштирокчиси ўлимга маҳкум этилди

Миср суди 7 июнь куни 25 кишига чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини тасдиқлади. Улар 2 йил муқаддам мамлакат жанубидаги қабилалараро тўқнашувга алоқадорликда айбланган. Бу ҳақда маҳаллий «Ал-Аҳрам» нашри хабар тарқатган.

Мисрда мавжуд юридик амалиётга кўра, айбланувчи ўлимга маҳкум этилса, ҳукм биринчи марта ўқиб эшиттирилгач, ҳужжатлар мамлакат олий муфтийсига имзолаш учун йўналтирилади. Агар бу ҳукм тасдиқланса, суд якуний ҳукмни ўқиб эшиттиришга мажбур бўлади.

Суд 2014 йилнинг апрелида Қоҳира жанубидаги Асуан шаҳри атрофида жойлашган қишлоқда икки оила вакиллари ўртасида бўлиб ўтган оммавий тўқнашувлар бўйича ишни кўриб чиққан. Ўшанда арабларнинг Бани Ҳалол ва нубийларнинг Дабудия қабилалари ўртасидаги можаро қабилалардан бирига тегишли қизга жинсий зўравонлик амалга оширилиши натижасида келиб чиққан ва юз берган тўқнашувлар туфайли 28 киши ҳалок бўлганди. Бир неча кун давом этган тартибсизликлар қишлоққа ҳарбийлар киритилиши орқалигина тўхтатилганди.

Иш бўйича жами 163 киши судланди. Уларнинг 138 нафари уч йилдан бир умргача бўлган турли муддатларга қамалди.

Мисрнинг жанубий ҳудудларида қабилалар ва жиноий гуруҳлараро тўқнашувлар камёб ҳодиса эмас. 1 июнь куни Асуан шаҳри шимолидаги Ком-Омбо туманида икки жиноий гуруҳ иштирокида отишма келиб чиқиб, 4 кишининг ўлимига олиб келди. Уларнинг қурол кўтаришларига маиший можаро сабаб бўлган.