Шайх Зайниддин жоме масжидида таровеҳ намози ўқилмоқда
Юртимизга ойлар султони – Моҳи Рамазон ташриф буюрди. Мўминлар интиқиб кутган бу кунларда қалбларга ажиб бир ҳаловат инмоқда. Савоб илинжида барча рамазон ибодатларига киришди. Доимий анъанага мувофиқ, 6 июнь санасидан бошлаб мамлакатимизнинг кўпгина жоме масжидларида таровеҳ намозлари адо этилмоқда. Хусусан, пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида ҳам бу улуғ ибодат амаллари Одилхон қори Юнусхон ўғли бошчилигида тинч осойишта амалга оширилмоқда. Жоме масжидда ҳам 6 июнь санасидан бошлаб таровеҳ намозлари бошланди.
Таровеҳ намозининг дастлабки кунида Бақара сурасининг ярмидан ортиғи тиловат қилиниб, Муқаддас Қуръони Каримнинг бир ярим пораси тугатилди. Таъкидлаш керак, бу йил жоме масжидимизда Қуронни Карим хатимини Насруллоҳ Халимов ва Насруллоҳ Мирзаевлар адо этишлари белгиланган. Таровеҳнинг илк кунида улар томонидан ўқилган оят калималар намозхонларни хушнуд этди.
Жоме масжидда намозхонларнинг ибодатлари учун барча шарт шароит яратиб берилди. Таҳоратхона тозалиги, хавфсизлик юксак савияда. Кўнгилликлардан иборат юртдошларимиз намозхонларга хизмат қилишди. Эслатиб ўтамиз “Шайх Зайниддин” жоме масжидида хатми Қуръон 20 кун этиб белгиланган.
Шу ўринда таровеҳ намози ҳақида: Рамазон ибодатларидан бири "Таровеҳ" намози бўлиб, мусулмонлар уни рамазонда алоҳида эътибор билан адо этадилар. Дарҳақиқат, Таровеҳ рамазонда Аллоҳ Таолога яқинлаштирадиган энг улуғ ибодатлардандир. Ибн Ражаб дедилар: “Билингки, Рамазонда мўъмин кишининг нафси икки жиҳодга рўпара бўлади, кундузги рўза ва тунги таровеҳ намози. Қайси бир инсон шу иккисини сидқидиллик билан адо этса беҳисоб ажрларга эга бўлади”.
Таровеҳ намозини масжидларда жамоат бўлиб ўқишлик суннатдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб бу ишни тарк этганлар. Пайгамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам дедилар: "Кимки (рамазонда) имоми тугатгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганнинг савоби ёзилади". (Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди матбуот хизмати