Жаҳон | 13:50 / 08.06.2016
5063
1 дақиқада ўқилади

Токиога тоза ичимлик суви етишмаслиги хавф солмоқда

Ёғингарчилик мавсуми бошланганига қарамай, Катта Токио ҳудуди аҳолиси учун тоза ичимлик танқислиги хавф солмоқда. Маҳаллий ҳукумат вакилларининг хабар беришларича, бунга сабаб ўтган йил қишда кам қор ёққанлигидир.

Токио аҳли ва унга ёндош беш префектура сув билан таъминловчи саккизта сув сақлаш жойи бугунга келиб 55 фоиз миқдорида тўлган холос. Мутахассислар ундаги сувни 8 июнь ҳолатига кўра ҳисоблашганида 216 млн тонна чиққан. Шунга мувоффиқ айрим сув сақлаш жойларида сувнинг миқдори меъёрдагидан 20-22 фоиз камдир.

Ҳукумат яқин кунларда 35 млн аҳолига эга Токио ва унга ёндош бешта префектурада ёмғир ёғишидан умид қилмоқда. Агар бундай бўлмаса, сувни чеклаш борасида расмий чоралар кўрилади. Ҳукумат ҳозирданоқ аҳолини ичимлик сувини тежашга чақирмоқда.