“Ҳунарманд” бўлимида бошлиқларидан бири сохтакорликда айбланди
Вобкент туман “Ҳунарманд” бўлимида бошлиқ бўлиб ишлаган Бобур Умиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзига юкланган ишончни оқламади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
У 2013 йилнинг январь ойидан 2015 йилнинг октябрь ойига қадар бўлимга аъзо бўлишни сўраб келган тумандаги 24 нафар ҳунармандга Ўзбекистондаги соҳага оид ҳужжатлар талабларини бузган ҳолда, сохта ҳужжатлар асосида сартарош-касаначи, пайвандловчи-касаначи, компьютер хизматлари кўрсатиш бўйича касаначи гувоҳномалари бериб, улар томонидан тўланган 7 млн. сўмдан ортиқ бадал пулларининг 2 млн. 630 минг сўмини тўлов қайдномаларини қалбакилаштирган ҳолда банкка топширади. Қолган 4 млн. 370 минг сўмни эса ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборади.
Шунингдек, тегишли ҳужжатларда, туман “Ҳунарманд” бўлими зиммасига фақатгина ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларга гувоҳнома бериши кўзда тутилган бўлсада, Б.Умиров вилоятнинг турли туманларида яшовчи фуқароларга ҳам сохта ҳужжатлар асосида гулли ва чокли маҳсулотлар тикиш, ганч ўймакорлиги, каштачилик, сопол буюмларга безак бериш каби ҳунармандчилик йўналишларига оид гувоҳномалар бериб юбораверади. Улардан аъзолик бадали сифатида олинган 14 млн. 131 минг сўм пулларнинг 4 млн. 800 минг сўмини банкка топшириб, қолган 9 млн. 331 минг сўмини талон-тарож қилади.
Ўтказилган текширишда унинг ноқонуний хатти-ҳаракати фош этилди. Суд томонидан унга тегишли жазо тайинланди.