Ўзбекистон | 09:03 / 08.06.2016
5506
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўтган йили 2,5 тонна гиёҳванд модда мусодара қилинди

Ўзбекистонда 2015 йилда ноқонуний айланмадан 2,51 тонна гиёҳванд модда мусодара қилинди. 2014 йилда бу кўрсаткич 2,298 тонна бўлган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази.

2015 йилда ҳуқуқ-тартибот муассасалари томонидан 147,9 кг героин (2014 йилда 106,5 кг), 882,3 кг опий (881,9 кг), 1,025 тонна марихуана (802,9 кг), 250,2 кг гашиш (100 кг) ва 7,1 минг дона психотроп таблеткалар (18,6 минг таблетка) мусодара қилинди.

Марказ маълумотларига кўра, Ўзбекистон чегараси орқали наркотрафик каналларини аниқлаш ва бартараф этиш самарадорлигини ошириш мақсадида ўтган йили чегараолди ҳудудларидаги ҳамда Афғонистон ва Тожикистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит билан ўтаётган юк поездларидаги яширин жойларда эгасиз афғон наркотикларининг яширилиши бўйича 50 та ҳолат аниқланди.  

Ўзбекистон ҳудуди орқали "шимолий йўналиш" деб аталувчи, Афғонистондан Россияга опиум ва героин етказиб берилувчи дунёдаги энг йирик наркотрафик ўтади. Бу йўл орқали йилига 100 тоннагача кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддалар жўнатилади.