Жаҳон | 12:20 / 09.06.2016
5720
2 дақиқада ўқилади

Bild: Туркия ГФРнинг арман геноцидини тан олишига жавоб ҳозирлаяпти

Туркия ҳукумати Германия бундестагининг 1915 йили Усмонийлар империяси арманларни қатлиом қилганини тан олганига жавобан кескин чоралар кўриш ниятида, деб ёзмоқда Bild газетаси. 

Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калиннинг баёнотига кўра,  мамлакатнинг «масъул идоралари, биринчи навбатда, ташқи ишлар вазирлиги қарши чоралар режасини тайёрламоқда». 

Хабар қилинишича, чоралар президент Эрдўған ва бош вазир Бинали Йилдирим томонидан муҳокама қилингач, эълон қилинади. 

Мақолада ёзилишича, Туркия Бундестагнинг 11 нафар депутатига нисбатан камида 3та суд ишини тайёрламоқда. Уларнинг иккитаси Туркия полицияси касаба уюшмаси, яна бири турк ҳуқуқшунослари томонидан қўзғатилади. 

Шунга қарамай, ГФР турк ҳукуматининг бу каби режаларини кескин танқид қилмоқда. 

«Агар мазкур хабарлар тўғри бўлса, бу яхши эмас. Бундай чоралар фақатгина келишмовчиликни янада таранглаштиради», — деган «яшиллар» партияси депутати Озкан Мутлу газетага берган интервьюсида.

Шу билан бирга, немис депутатлари, мамлакат ҳукуматидан воқеага аралашишни сўрашган.