Спорт | 09:57 / 09.06.2016
6665
2 дақиқада ўқилади

Эронда футболчи сариқ иштон кийгани учун ярим йилга футболдан четлатилди

Эронда Теҳроннинг «Персеполис» клуби дарвозабони Суша Маконий мамлакат чемпионати ўйинларидан 6 ойга четлатилди. Бунга интернетда 29 ёшли ушбу футболчининг сариқ иштон кийган ҳолда тушган сурати тарқалгани сабаб бўлди.

Эрон Футбол федерациясининг ахлоқ қўмитаси 29 ёшли футболчини ушбу фотосурат учун жазолашга қарор қилди.

Манба маълумотига кўра, футболчи бу можаро юзасидан чақирилган кенгашга келишдан бош тортган.

«Биз бу қарорни шунинг учун қабул қилдикки, Маконийнинг ташқи кўриниши жамоатчиликка салбий таъсир қилиши мумкин» – дея маълум қилган қўмита аъзоларидан бири.

Қайд этилишича, бу ушбу футболчининг ўз ҳаракатлари учун илк бор жазоланиши эмас. Маконий шу йилнинг 4 январида паранжисиз аёллар қуршовида суратга тушгани учун қамоққа олинганди.

Маконий якунланган мавсумда жамоасининг 20та учрашувида дарвозани қўриқлаган ва 15та гол ўтказиб юборган. Шу билан бирга у 10та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

Манба: Tribuna.uz