Жаҳон | 10:52 / 09.06.2016
5818
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ақтўбедаги теракт қурбонлари хотирасига миллий мотам куни бўлиб ўтмоқда

Қозоғистонда Ақтўбедаги теракт қурбонлари хотираси учун эълон қилинган мотам куни бошланди.

Мотам муносабати билан давлат муассасаларида байроқлар туширилган, телевидение ва радиоларда рекламалар тўхтатилган ва кўнгилочар дастурлар бекор қилинган.

5 июнь куни радикал оқим аъзолари Ақтўбедаги иккита қурол-аслаҳа дўконига ва ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, 7 кишини ўлдиришди. Отишмалар вақтида жами 37 киши турли даражада жароҳат олган. Жангариларнинг 13 нафари аксилтеррор амалиётлар натижасида йўқ қилинган, яна 9 киши қўлга олинган. Айни вақтда 6 кишини қидириш ишлари давом этмоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 8 июнь куни Ақтўбе шаҳрида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари қурбонлари хотирасига 9 июнни мамлакат миқёсида миллий мотам куни деб эълон қилиш тўғрисидаги фармойишни имзолаганди.

Нурсултон Назарбоев бу ҳодисаларда "рангли инқилоб" аломатларини пайқаганини айтди ва гуруҳ хориждан кўрсатма олгани ҳақида гапирди. У бу теракт ижрочиларининг барчасини йўқ қилишга кўрсатма берган.