Жаҳон | 13:33 / 09.06.2016
19126
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Саратов вилоятида Ўзбекистондан олиб борилган 18 тонна касалланган олхўри мусодара қилинди

Россиянинг Саратов вилояти "Россельхознадзор" ходимлари Ўзбекистондан олиб келинган, аммо келиб чиқиши номаълум бўлган 18 тонна олхўри мевасини мусодара қилишган. Мевалар хавфли карантин касаллиги билан зарарлангани ҳақида маъмуриятнинг минтақавий бошқармаси маълум қилган. 

Ўзбекистондан келтирилган мевалар партияси божхона пунктида ушлаб қолинган. 

"Умумий вазни 18,469 тонна бўлган юк солинган қутиларда меъёр бўйича белгилар мавжуд бўлмаган. "Саратов вилоятлараро ветеринар лаборатория"сида ўтказилган таҳлиллар эса, мевалар олхўри чечаги билан касалланганини кўрсатган", — дейилади хабарда. 

Бу хавфли мева касаллигининг РФ ҳудудида тарқалишининг олдини олиш мақсадида, “Россельхознадзор” белгиланган тақиқлар бузилган ҳолда олиб кирилган меваларни йўқ қилишга қарор қилган. 

Олхўри чечаги  – данакли меваларнинг энг зарарли касалликларидан биридир. Уни PPV вируси келтириб чиқаради. Мазкур касаллик ЕИ, РФ, БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти карантин рўйхатига киритилган. 

Вирус ўрик, олча, гилос, шафтоли, олхўри, нектарин каби меваларни зарарлай олади ва мевали дарахтлар учун жиддий таҳдид уйғотади. Мевали дарахтларнинг 70-80 фоиз ҳосили йўқ бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари, касалланган меваларни кўп ҳолларда қайта ишлаш мумкин эмас.