Теракт хавфи туфайли Ўзбекистонда тўхтаб ўтган EgyptAir самолёти Пекинга қўнди
EgyptAir авиакомпаниясининг Қоҳирадан Пекинга рейсни амалга ошираётган самолёти бортда бомба борлиги ҳақидаги ёлғон маълумотдан кейин Ўзбекистондаги Урганч аэропортида тўхтаб ўтгач, парвозни давом эттириб, Хитой пойтахтига етиб борган.
Самолёт бортидаги 118 йўловчи ва экипажнинг 17 аъзоси манзилга жабрланишларсиз етиб боргани хабар қилинган.
Ўзбекистон пойтахтидан Урганчга 7:50 ва 13:00 да парвозларни амалга ошириши лозим бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг HY1051 ва HY1051 рейслари самолётлари мос равишда 13:15 ва 13:20 да парвоз қилди.
Қайд этиш керакки, кейинги вақтларда EgyptAir авиакомпанияси самолётлари билан боғлиқ фавқулодда ҳодисалар кўп юз бермоқда. Урганчдаги воқеа тўртинчиси бўлди. Май ойида Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошириб учган самолёт Ўрта Ер денгизига қулади. Унинг бортидаги 66 киши ҳалок бўлди. Катта эҳтимол билан бу теракт туфайли юз берган. Текширув ишлари давом этмоқда.
Ундан олдинроқ авиакомпаниянинг самолёти йўловчилардан бири томонидан гаровга олиниб, Кипрга олиб кетилганди.