“Ўзэкспомарказ”да геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноат ярмаркаси очилди
“Ўзэкспомарказ”да геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси тармоқ саноат ярмаркаси очилди. Унда 380 дан зиёд корхона ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Ярмаркада “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбеккўмир”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент рангли металл парчалари ва резги-чиқитларни тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи, Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли металлар комбинати ҳамда улар таркибига кирувчи корхоналар, шунингдек, электротехника, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.
Саноат форумида “Ўзбекнефтгазқазибчиқариш”, “Ўзгеобурғунефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзнефтгазмаш”, “Ўзнефтгазқурилишинвест” корхоналари фаол иштирок этмоқда.
Ярмаркада “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар имкониятлари кенг намойиш этилмоқда. Бу ерда “Фарғонаазот”, “Навоийазот”, “Аммофос-Максам”, “Максам-Чирчиқ”, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятлари, Қўнғирот сода заводи, Қўқон суперфосфат заводи сингари 15 га яқин ишлаб чиқарувчи томонидан экспортга мўлжаллаб ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кооперацион алоқаларни янада кенгайтириш асосида ўзлаштириш учун истиқболли бўлган маҳсулотлар билан танишиш мумкин.
Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.