Жаҳон | 23:19 / 10.06.2016
7821
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти махсус вакили: ИШИД жангарилари сони 19-25 минггача камайиб кетди

Ироқ ва Сурияда хунрезлик қилаётган ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари сони камайишда давом этмоқда ва ўз назоратида бўлган ҳудудларни йўқотмоқда. Бу ҳақда 10 июнда АҚШ президентининг халқаро аксилтеррорчилик коалициясидаги махсус вакили Брет Макгурк Оқ уйдаги брифингда маълум қилди

"Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, ИШИД жангарилари сони ҳозирда 19-25 минг кишини ташкил қилмоқда", деб айтди Макгурк ва бир йил аввал уларнинг сони 35 мингдан кўпроқ бўлганини эслатиб ўтди. Шу бир йил ичида жангарилар Ироқда назорат қилган ҳудудларининг 50 фоизини, Сурияда эса 30 фоизини йўқотган. Макгурк ИШИД стратегик муҳим ҳудудлар, жумладан Суриянинг Туркия билан чегарасидаги ҳудудларни қўлдан чиқараётганини таъкидлаб ўтди. 

Макгурк "ИШИД жангариларининг руҳи тушаётгани" ва улар ўз пойтахтлари Раққа, Мосул ва бир қатор йирик аҳоли пунктларини йўқотишлари мумкинлиги ҳақида гапира бошлашганини айтиб ўтди. 

Суриядан олинган хабарларга кўра, Сурия ҳукумат қўшинлари Россия авиацияси кўмагида Раққа йўналишида ҳужумларни давом эттирмоқда. АҚШ эса ўз саъй-ҳаракатларни суриялик араб ва курд тузилмалари томонидан Туркия чегараси яқинидаги Манбижада ўтказилаётган операцияга қаратмоқда.