Жаҳон | 10:53 / 10.06.2016
7898
2 дақиқада ўқилади

Ақтўбедаги аксилтеррор амалиётлар вақтида экстремистлар қуролли қаршилик кўрсатмоқда

Ақтўбеда 5 июнь кунги терактларга алоқадорларни қўлга олиш бўйича махсус операция давом этмоқда. Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси сайти хабарига кўра, озодликдаги экстремистлар қуролли қаршилик кўрсатмоқда.

"Таслим бўлиш ҳақидаги таклифга террорчилар қуролли қаршилик билан жавоб қайтарди. Ақтўбе вилоятининг терроризмга қарши курашиш тезкор штаби томонидан операция ўтказилмоқда. Тадбирлар давом этмоқда. Кейинроқ қўшимча маълумотлар берилади", — дейилган қўмита хабарида.

Қўмита бу амалиётлар давомида тинч аҳоли вакиллари ҳаётига таҳдид йўқлигини маълум қилган.

Бундан олдинроқ, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев аксилтеррор амалиётлар чоғида терактларга алоқадор кишилар қаршилик кўрсатган ҳолатда, уларни йўқ қилишга кўрсатма берганди.

5 июнь куни Ақтўбе шаҳридаги учта туманда 2та қурол-аслаҳа дўкони ва бир ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Бу ҳужумлар туфайли уч ҳарбий ва тўрт фуқаро ҳалок бўлди, камида 38 киши яраланди.

Қозоғистон ИИВ бу ҳодисани теракт деб баҳолади. Жиноятчиларнинг мақсади қуролларга эга бўлиш бўлган, улар диний радикал оқим вакиллари экани айтилган.

Бунгача ҳукумат кучлари ўтказилган амалиётлар давомида 13 нафар террорчи йўқ қилингани, 9 нафари қўлга олингани ҳақида маълум қилганди. Террорчиларнинг олти нафари қидирилмоқда, уларнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 5 миллион тенге мукофот пули эълон қилинган.

Қозоғистон бўйлаб 40 кунга террорчилик хавфининг "сариқ" даражаси жорий этилган.