Спорт | 18:15 / 10.06.2016
8990
2 дақиқада ўқилади

Андижонда футбол бўйича БЎСМлар ўртасида вилоят биринчилиги якунига етди

6 – 10 июнь кунлари Андижонда 2001 йилда таваллуд топган БЎСМ тарбияланувчилари ўртасида “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан футбол бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди. Мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги муассасаларнинг 13та жамоалари иштирок этди. Юқори савияда ташкил этилган турнирнинг ярим финал ва финал баҳслари Андижон шаҳар Шўрбулоқ даҳасидаги футболга ихтисослашган мактаб-интернати ўйингоҳида бўлиб ўтди.

Биринчи ярим финал баҳсида жалалқудуқлик ва асакалик ёш футболчилар куч синашиб, унда асакаликларнинг қўли баланд келди. Шаҳрихон БЎСМ ва Андижон шаҳар БЎФМ футболчилари ўртасидаги учрашув 1:3 ҳисобида якун топди. Шундай қилиб, мусобақанинг финалида Андижон шаҳар БЎФМ жамоаси Асака туманилик тенгқурлари билан беллашди. Қизиқарли тарзда ўтган асосий баҳс Андижонликлар ғалабаси билан якунланди.

Тадбир якунида ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросимида сўз олган вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Узоқов иштирокчиларни кўрсатган ажойиб ўйинлари учун қутлади. Ғолиб ва совриндор жамоалар Андижон вилояти футбол федерацияси, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда болалар спортини ривожлантириш жамоат фонди вилоят филиалининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

- Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил даври мобайнида бир қатор мусобақаларни уюштиришни режалаштирганмиз,- дейди вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Узоқов. Бугун якунига етган турнир давомида кўплаб ёш иқтидорларни саралаб олдик. Ўйлайманки, мана шу футболчилар орасидан келажакда юртимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қиладиган футболчилар етишиб чиқади.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон