ОАВ: Обама АҚШ ҳарбий кучларининг "Толибон"га қарши ваколатларини кенгайтирди
АҚШ президенти Барак Обама Афғонистоннинг "Толибон" ҳаракатига қарши курашаётган Америка ҳарбий хизматчилари ваколатларини кенгайтиришни маъқуллади, деб хабар қилган Reuters ахборот агентлиги.
"Оқ уй раҳбари Барак Обама АҚШ ҳарбий кучларини толибларга қарши курашаётган афғон кучларига ёрдам беришда қўшимча ваколатлар билан таъминлади", деган агентликнинг Пентагондаги вакили.
Унинг сўзларига кўра, бу эктремистларга қарши амалиётларда Америка ҳарбий авиациясидан кўпроқ фойдаланиш имконини беради. Аммо давлат раҳбарининг қарорини толибларга қарши авиазарбалар бериш бўйича битим деб баҳоламаслик керак, дея ойдинлик киритган Пентагон вакили.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил охирида АҚШ ва НАТОнинг бошқа мамлакатлари Афғонистондаги "ҳарбий миссия"ни тамомлаганини эълон қилган ва мамлакатдаги барқарорликни назорат қилиш вазифасини Афғон хавфсизлик кучларига топширган эди.
АҚШ президенти дастлаб, барча америкалик ҳарбий хизматчиларни 2017 йил бошигача ватанларига қайтаришни режалаштирган эди. Аммо Афғонистондаги вазият беқарор бўлгани боис, ўз фикрини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлганди. Шундай қилиб, ҳозирда бу давлатда 9,8 минг америкалик ҳарбийлар хизмат қилмоқда. Келаси йили бу рақам 5,5 минггача қисқартирилиши мумкин.