Трамп ва Клинтон ўртасидаги интернет-тортишув Клинтонга рекорд ўрнатишга имкон берди
Twitter тармоғида АҚШ президентлигига асосий номзодлар - демократ Ҳиллари Клинтон ва республикачи Дональд Трамп ўртасидаги навбатдаги тўқнашув ретвитлар сони бўйича рекорд натижага эришди.
Виртуал "зарбалар"га президент Барак Обаманинг Клинтонни қўллаб-қувватловчи видеомурожаати сабаб бўлди. Трамп давлат раҳбари томонидан бундай чиқишни эътиборсиз қолдирмади.
"Обама ҳозиргина муттаҳам Ҳилларини қўллаб-қувватлади. У (Обама) яна тўрт йил Обамани истаяпти-да - аммо бошқа ҳеч ким буни хоҳламайди!" - деб ёзди Трамп ўз саҳифасида.
"Аккаунтингни ўчириб ташла", - дарҳол жавоб қайтарди унга Клинтон рақибининг твитига ҳавола жойлаштириб.
Натижада унинг ёзган хабари беш соат ичида 270 мингдан ортиқ ретвитга эга бўлди.
The Associated Press'нинг таъкидлашича, унинг Twitter'и рекорд натижа қайд этди.
Трампнинг провакацион ёзуви атиги 22 минг ретвит тўплади. Миллиардернинг кейинги Клинтонга жавобан қолдирган пости эса бироз кўпроқ - 78 минг ретвитга эга бўлди.
Трамп бунга жавобан Клинтонга ўз шахсий электрон почтасидан хизмат мақсадида фойдалангани билан боғлиқ можарони эслатиб қўйди. Миллиардерни Республикачилар партияси миллий қўмитасининг раиси Райнс Прибас қўллаб-қувватлади.
"823 кишидан иборат штабинг шу гапни ўйлаб топиши учун қанча вақт кетди? Ўчириб ташланган 33 минг электрон хатларинг қани?" - деб ёзди Трамп.
Клинтон унга жавоб қайтармади.
Rasmussen Reports ўтказган сўров натижаларига кўра, Клинтонни 42 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватламоқда, Трампни эса - 38 фоиз.
Reuters/Ipsos'нинг тадқиқоти собиқ бош котибга янада кўпроқ устунлик бериб - 42 фоизга 34 фоиз натижани қайд этди.
"Клинтоннинг бу твити унинг бутун сайловолди кампанияси давридаги энг оммавийси бўлди", деб хабар бермоқда агентлик.