Жиззах шаҳрида ихтисослаштирилган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди
Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”да жорий йилнинг 8 июнь куни ихтисослаштирилган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди. Бу ҳақда Меҳнат вазирли ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўтказилган ярмаркада вилоятнинг Ғаллаорол, Жиззах, Зарбдор ва Пахтакор туманлари ҳамда Жиззах шаҳри ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 259 та корхона ташкилот ва муассаса ўзларида мавжуд бўлган 1127 та бўш иш ўрини билан иштирок этди.
Ушбу тадбирга 564 нафар ишсиз фуқаролар жалб қилинди. Улардан 317 нафарини ёшлар, 259 нафарини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, 110 нафарини хотин-қизлар, 95 нафарини суд қарори билан ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган шахслар, 10 нафарини чет давлатларда ишлаб қайтиб келган шахслар, 200 нафарини вақтинчалик меҳнат фаолияти билан банд бўлмаган фуқаролар ташкил қилди.
Ярмарка натижаларига кўра, 246 нафар ишсиз фуқарога ўзлари эгаллаган касб ва мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишга йўлланмалар берилди. Улардан 127 нафарини ёшлар, 80 нафарини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, 37 нафарини хотин-қизлар, 78 нафарини суд қарори билан ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган шахслар, 5 нафарини чет давлатларда ишлаб қайтиб келган шахслар, 83 нафарини вақтинчалик меҳнат фаолияти билан банд бўлмаган фуқаролар ташкил қилди.
Шундан 105 нафари ўзлари эгаллаган касб ва мутахассисликлари бўйича халқ ҳўжалигининг турли тармоқларига ишга жойлаштирилди.
Ҳудуддаги корхоналар томонидан тақдим этилаётган иш жойларини эркин равишда танлаш, меҳнат шартномалари тузиш, меҳнат ва бандлик масалалари бўйича 318 нафарларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан 2015-2016 ўқув йилида ўз бизнесини очиш истагини билдирган 30 нафар касб-ҳунар коллеж битирувчисига кредит маблағлари олиш учун имтиёзли сертификатлар ва 2 нафарига беғараз ёрдам сифатида 2 дона тикув машинкаси берилди.
Ярмаркада миллий ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, 15 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисига “ҳунарманд-касаначи” этиб “Ҳунарманд” уюшмасига аъзоликка қабул қилишда амалий ёрдам бериш ҳамда уларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хуқуқий маслаҳатлар берилди.