Жамият | 18:02 / 12.06.2016
13650
4 дақиқада ўқилади

Бировга туҳмат қилиш орқали пул “ишламоқчи бўлган” товламачи ашёвий далил билан қўлга олинди 

Доимгидек яхши кайфият билан хонасига кириб келган Жумақул Шодиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзини бу ерда нохуш хабар кутиб турганини хаёлига кам келтирмади. Ҳамкасблари билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб тураркан, ходимлардан бири уни бошлиқ чақираётганини айтди. Бу ҳақда “Постда” нашри хабар бермоқда. 

- Устингиздан шикоят тушган, - бошлиқ унга синовчан тикилиб. – Сизнинг қандай ходим эканлигингизни биламиз, аммо қонуний жиҳатдан бу фуқаронинг мурожаатини ҳам эътиборсиз қолдира олмаймиз. 

Жумақул Азиз Бўтаев томонидан ёзилган шикоятни ўқир экан, асабийлашиб, қўллари қалтирай бошлади. Чунки унга қўйилган айб ишхонада, оила аъзолари олдида шарманда қилиб, бошини эгиб қўйиши мумкин эди. 

Жумақул “Тошкент-Денов” йўналиши бўйича қатнайдиган поездда кузатувчи бўлиб ишлайди. 

Ўша куни поезд пойтахтга яқинлашгач, йўловчилар Жумақулдан олган ошхона буюмларини қайтариш учун унинг купесига келиб-кетарди. Жумақул буюмларни қабул қилиб олгандан сўнг хотиржам бўлиб ташқарига чиқди. Поезд Тошкент бекатида тўхтагач, ундан тушаётган йўловчиларни кузатиб тураркан, тахминан қирқ ёшлар атрофидаги эркак унинг ёнига келди. 

– Нега купеингизга ҳар хил йигит-қизлар тез-тез кириб чиқади. Менимча, улар бу ерда нопок ишлар билан шуғулланишяпти. Сиз эса уларга шароит яратиб беряпсиз. 

 - Оғзингизга қараб гапиринг, ака. Биз одамларга ҳалол хизмат қиламиз. Улар биздан ошхона буюмлари олиб туради. Бирор нарса керак бўлса, мурожаат қилишади. 

Ҳар қанча ўзини оқламасин, ҳалиги киши Жумақулнинг устидан тегишли жойга шикоят қилишини айтиб, уни тарк этди. 
Жумақул унинг дағдағасига парво қилмагандек кўринса-да, кайфияти бузилгани сезилиб турарди. Шериги Ҳасанни чақириб бўлган воқеани айтиб берди. 

 - Эътибор берманг, - деди Ҳасан ўзини хотиржам тутиб. – Гапираверади, бировнинг асабини бузиб роҳатланадиганлардан бўлса керак. 
Ҳамкасбининг гапи бир оз унга далда бўлди. Ишдан кейин уйга қайтиб оила аъзолари билан суҳбатлашиб анча тинчланди, мириқиб дам олди.
Жумақул ишни доим хуш кайфият билан бошлаш керак, деб ҳисобларди. Аммо бугунги шикоят унинг одатини беихтиёр ўзгартиришга мажбур қилди. Қандай бўлмасин, вазиятга ойдинлик киритиб, ўзини оқлаб олмаса, қўли ишга бормай кун бўйи асабийлашиб юради. Шу боис ҳамкасби Ҳасан билан маслаҳатлашиб, аризада кўрсатилган манзил бўйича шикоятчи Азиз Бўтаевни топиб, у билан гаплашишди.

- Иккаловинг икки юз доллардан тўрт юз доллар берасан. Шунда аризамни қайтариб оламан, бўлмаса мени бошқа безовта қилмаларинг.
У шундай деб йигитларга телефон рақамини берди. Чорасиз қолган жабрланувчилар ички ишлар идорасига мурожаат қилишди. Шу куниёқ осойишталик посбонлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Жабрланувчилардан товламачилик йўли билан 400 АҚШ долларини олаётган Азиз Бўтаев ашёвий далил билан қўлга олинди.
Муқаддам судланиб, тегишли жазо олган бўлса-да, бундан тўғри хулоса чиқармаган товламачи яна қинғир йўл билан бойлик топишни мақсад қилганди. Бироқ у ниятига ета олмади.