Жамият | 04:27 / 12.06.2016
52041
4 дақиқада ўқилади

Кумуш Раззоқова Наргиз Зокированинг сочсиз боши, татуировкаси ва у ҳақдаги тарқалган миш-мишлар ҳақида

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова ҳамкасби Наргиз Зокирова ҳақида тарқалган миш-мишлар, унинг яшаш тарзи, сочсиз боши ва татуировкаларига “Сабо.уз” газетаси сайтига берган интервьюсида муносабат билдирди.

– Сиз бир пайтлар бугунги кунда дунё эстрадасида номи чиққан ва айни пайтда ўзбек матбуотида муҳокамаси давом этаётган машҳур Наргиз Зокирова билан деярли бир вақтда ижодни бошлагансиз. Унинг бугунги фаолияти билан танишмисиз? У ҳақида болалаб кетган шоу-шувлар ҳақида қандай фикрдасиз?

– У ижодга кириб келган кезларда мен санъатнинг нонини еб юрган хонанда эдим. "Садо” ансамблида уч нафар қиз бирга ижод қилардик. Наргиз билан эса ўша "Водиллик келин" фильмида учрашиб қолганмиз. Тўғри, Наргиз олдин Тошкентда фаолиятини бошлаган. Лекин волидасининг саломатлиги ёмонлашганидан сўнг Америкага кўчиб кетишди. Келиб чиқиши, туғилган юрти Ўзбекистон бўлгани билан у узоқ вақт чет элда яшади. Ҳаёт тақозоси билан Америкадаги қаҳвахона ва ресторанларда тирикчилик учун қўшиқ айтиб юрганидан ҳам хабарим бор. 

– Танасидаги турли хил татуировкалар билан санъатда портлаш қилгани баъзиларга маъқул келмас...

– Албатта, ўзга юртда бўлганидан кейин ўша ерга мослашишига тўғри келади. Энди у ҳақидаги гап-сўзларига келадиган бўлсак, одамларнинг ўзи ҳар хил фикрда-ку. Ҳозирги замон эстрадасининг аҳволи ва ўзгаришларини барчамиз бирдек кўриб, англаб турибмиз. Балки, сочсиз яланғоч боши, танасидаги турли хил татуировкалар билан санъатда портлаш қилгани баъзиларга маъқул келмас. Бу менталитетимизга хос бўлмаган ҳолатдир. Лекин ўша ердаги мухлисларига манзур келяпти-ку?.. Юртимизда ҳам унинг мухлислари озмунча эмас.

Балки шундай имиж ва услубда чиққани учун ўзини яхши ҳис қилар. Назаримда бу ўзига ҳам ярашади, билмадим мен учун жуда қўпол кўринмайди. Чунки Наргиз энди 16-17 ёшли қизча эмас-ку?! Ҳар ҳолда она, буви бўлган аёл. Хатти-ҳаракатларида ўзининг диди борлиги яққол кўриниб туради. Энди рок йўналишидаги хонандаларнинг характери ва кийиниш услуби шундай-да. Лекин у ҳақида ким қандай фикрлашидан қатъи назар Наргиз овози, дарди бор хонанда деб биламан. Мен уни шахсий мулоҳазаларим билан яхши ёки ёмонга чиқаролмайман.

Аммо менга бир томони ёқмади. У Россия шоусида портлаш қилиб чиққанидан сўнг қисқа вақт ичида машҳур бўлди. Кейин юртдошларимиз билан интернет орқали кўнгилсиз суҳбатларни қилишга ҳам улгурибди. Ўша пайтда уни қоралаб, ёмонлаган ва имижини "ахлоқсизлик” дея таъкидлаганлар билан гап тортишиши шарт эмас эди. Ўзбекистон номини ёки халқни қўшишнинг умуман зарурати ҳам йўқ эди. Жимгина ўшаларга дангал гапириб, мавзуга нуқта қўймайдими, деди-дедиларни кўпайтирмасдан. Очиғини айтаман, мен учун у барибир иқтидорли қўшиқчи.