250дан ортиқ тошбақа қайтарилиб, "янги уй"га эга бўлди
Ўзбекистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётган вақтда қайтарилган 250дан ортиқ тошбақа Тошкент вилоятидаги Қурама тизмаси этагида "янги уй"га эга бўлди, деб ёзмоқда "Газета.уз".
Тошбақаларни ўз табиий муҳитларига қайтариш тадбири ўтган жума куни - 10 июнда бўлиб ўтди, унда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини қўриқлаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича Республика давлат инспекцияси ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари иштирок этишди.
Март-апрель ойларида ўтказилган оператив фаолият доирасида 2949та тошбақа олиб қўйилган, улар вақтинчалик ёввойи ҳайвонларни боқиш ва кўпайтириш билан шуғулланувчи Global Master Group қўриқхонасига топширилган эди.
Тошбақаларни чиқариш миссияси кечки пайт амалга оширилди, чунки шу пайт ҳаво ҳарорати жониворлар фаоллигининг оптимал даражасига тушади. Ўрта Осиё тошбақалари кичик гуруҳларга бўлиниб, Қурама тизими атрофидаги ҳудудларга қўйиб юборилди. Давлат табиат қўмитасининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, уларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслик ҳамда улар кўпайиши учун шароит яратишда рақобатни кучайтирмаслик учун шундай йўл тутилди.
Ўрта Осиё тошбақаси (Agrionemys (Testudo) horsfieldii) - саҳродаги ҳайвонот дунёси вакили. Яшаш жойидан келиб чиқиб унга шундай ном берилган. У Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Шимоли-шарқий Эрон, Афғонистон, Сурия, Ливан, Ҳиндистон ва Покистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида учрайди.
Ўрта Осиё тошбақаси Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилмаган бўлса-да, у кўп мамлакатларда йўқолиб бораётган ҳайвон турига киради, шу боис у Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил китобидан жой олган.