Apple ўйин приставкалари бозорига қайтмоқда
Бугун, 13 июнь куни мобиль технологиялари оламида аҳамиятли воқеалардан бири бўлиб ўтади. Apple компанияси бир қатор янгиликларни намойиш этиши кутилаяпти. Хусусан, янги iOS 10, OS X 10.12 (macOS) операцион тизими ҳамда бир нечта янги қурилмаларини омма эътиборига ҳавола этади.
Apple компаниясининг дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича вице-президенти Крейг Федериги ўзининг Twitter саҳифасида қора картондан ясалган қути ва ўйин приставкаларида учратиш мумкин бўлган таниқли пиктограммалар акс этган суратни жойлаштирган.
Apple мухлислари, 1995 йили Apple ўзининг қисқартма шаклидаги Mac OS дастурида ишловчи PowerPC 603e процессоридаги Apple Pippin ўйин қурилмасини тақдим этганини яхши эслашади. Маркетинг нотўғри ташкил этилгани ва рақобат тўғри баҳоланмагани боис, Pippin омадсизликка юз тутиб, тезда дўконлардан ғойиб бўлганди.