Бухорода “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийси фойдаланишга топширилди
Бухородаги “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсининг 200 ўринга мўлжалланган олти қаватли ётоқхона биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг манзилли дастурига асосан, мукаммал таъмирдан чиқарилган муассаса бир пайтнинг ўзида 400 дам олувчини қабул қилиш имкониятига эга. Соғлом она ва бола йили муносабати билан санаторийда 30 оилавий хона ҳам ташкил этилди. Шунингдек, қуруқ ҳаво билан даволаш бўлими фаолияти янада такомиллаштирилди.
– Бу ерда асосан буйрак касалликларига чалинган беморлар даволанади, – дейди санаторий бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Умар Шеров. – Ўтган йили бу ерда 7 мингга яқин бемор шифо топган эди. Доимий амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.