Эрдўған Обама бошқарувида АҚШ билан алоқалар ёмонлашганидан шикоят қилди
Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШ президенти сифатида Барак Обама сайланганидан кейин, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожланишидан кўнгли тўлмаётганини билдирди, деб хабар қилмоқда Hurriyet Daily News.
Давлат раҳбарининг сўзига кўра, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва ташқи сиёсатдаги ўзаро ҳамкорлик яхшиланиш ўрнига ёмонлашган. Бундан ташқари, АҚШнинг ИШИДга қарши курашида Туркия билан ҳамкорлиги ҳам ҳавас қилгулик эмас.
"Шундай бўлса-да, буларнинг барчасида биргина АҚШни айбдор санаш нотўғри бўлур эди", - деган Туркия президенти.
Бундан ташқари, Туркия раҳбари, Россия билан ҳамкорликка тўхталар экан, унинг 2015 йил ноябрида Россия ҳарбий космик кучларига тегишли Су-24М бомбардимончи самолётининг уриб туширилгунича, икки давлат ўртасидаги алоқалар жуда яхши бўлганини эътироф этиб, ушбу муносабатлар тикланишига умид билдирган.
Унинг айтишича, Россия билан Туркия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш АҚШ билан савдо алоқаларидан кўп бўлган ва буни йилига 100 млрд долларга чиқариш борасида ҳаракат олиб борилаётган бўлган.