Франция полицияси Евро-2016 вақтидаги тартибсизликларда қатнашган 116 кишини ҳибсга олди
Франция полицияси Евро-2016 вақтида мухлислар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлар бўйича текширувлар олиб бормоқда. Асосан Марселдаги воқелар бўйича ўтказилаётган текширувлар натижасида шу вақтгача қўлга олинганлар сони 116 нафарга етган. Бу ҳақда Le Parisien нашрига асосланиб tribuna.uz хабар тарқатган.
Хабарда айтилишича, 13 июнь куни 21, 26 ва 41 ёшларда бўлган 3 нафар инглиз, 29 ёшли австриялик ҳамда 22 ёшли француз суд қаршисига келтирилган. Улар турли буюмлар билан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилганликда айбланган.
Шунингдек, Англия ва Россия ўртасидаги учрашув якунлангач, "Велодром" ўйингоҳида тартибсизлик бошлаган 2 нафар россиялик мухлис қўлга олинган. Улар Франция ҳудудидан чиқариб юборилади. Шунингдек, яна 5 нафар хорижликка шундай жазо қўлланган.
Англия ва Россия ўртасидаги баҳс бошлангунига қадар Марселда бўлиб ўтган тўқнашувларда 35 нафар киши жароҳатланган.
УЕФА Англия ва Россия терма жамоаларига агар икки томон мухлислари тартибсизлик уюштиришда давом этадиган бўлса, бу икки терма жамоани турнирдан четлатиши мумкинлигидан огоҳлантирган.