Жаҳон | 10:51 / 13.06.2016
4239
2 дақиқада ўқилади

Хитой "Бэйдоу" навигация тизими учун навбатдаги йўлдошини космосга чиқарди

Хитой "Бэйдоу" миллий навигация тизими учун 23-йўлдошининг парвозини муваффақиятли амалга оширди. Бу ҳақида "Синьхуа" агентлиги маълум қилди. 

Йўлдош Сичан космодромидан (Хитойнинг жануби-ғарбидаги Сичуань провинцияси) "Чанчжэн-3-си" (Long March-3C) ракета ташувчи ёрдамида фазога учирилди. Агентликнинг таъкидлашича, сунъий йўлдош қурилмаси орбитага чиқиб, керакли синовлардан ўтгандан кейин эксплуатация қилинади ва мазкур тизимдаги йўлдошлар гуруҳига киради. 

"Бэйдоу" - навигациянинг минтақавий сунъий йўлдош тизими, Хитой 2000 йилда уни яратишни бошлаган. Бугунги кунга келиб у 23та сунъий йўлдошни ўз ичига олган бўлиб, ХХР, қўшни мамлакатлар ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа ҳудудларидаги географик координаталарни аниқлаб беради. 2012 йилдан бошлаб тизимдан тижорат мақсадларидан фойдаланиш мумкин. 

Хитой 2020 йилга бориб "Бэйдоу" сунъий йўлдош гуруҳини 35та қурилмагача кенгайтирмоқчи ва уни глобал навигация тизимига айлантирмоқчи.