Ўзбекистон | 14:50 / 14.06.2016
3622
1 дақиқада ўқилади

2015 йилда Фарғона вилоятига 54,5 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилинди

2015 йили Фарғона вилоятида амалга оширилган дастурлар доирасида 78,6 миллион долларлик инвестициялар жалб қилинди. Унинг 54,5 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Инвестицияларнинг асосий қисми енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва кимё саноатига тўғри келади.  Айни пайтда вилоятдаги 638 енгил саноат корхонасида 16,5 минг ишчи меҳнат қилмоқда. Тизимдаги 42 қўшма корхона ўз маҳсулотларини 30 дан ортиқ хорижий давлатга экспорт қилаётир.

– Бир пайтлар пахта толасидан тайёрланган кийимлар халқимиз учун орзу эди, – дейди “Бешариқ текстиль” қўшма корхонаси директори Мухтор Қобулов. – Табиий матодан тикилаётган юздан ортиқ турдаги спорт кийимлари ва болалар либослари, умуман, корхонамиз маҳсулотининг 90 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллиард 850 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 424 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.