Алдов йўли орқали одамларни чув туширган ҳамтовоқлар ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди
Китоблик (исм-шарифлар ўзгартирилган) Нодир Жабборовга нисбатан изқуварларнинг шубҳаси ортди. У мол бозорида даллоллик билан шуғулланиб келган. Даллолдан шубҳаланган изқуварлар унинг уйини текширишга қарор қилишади. Улар моли ўғриланган фуқарони ҳам ўзлари билан олиб борганлиги ижобий самара берди. Молхонани кузатиш давомида молнинг эгаси деворда осиғлиқ турган арқонни таниб қолади. Шу зайлда масаланинг ечими топилади. Бу ҳақда “Постда” нашри ёзмоқда.
Маълум бўлишича, Нодир Жабборов қўшниси Ҳусниддин Ҳасановга тегишли уйнинг орқа томонида жойлашган тутзорга боғлаб қўйилган она-бола сигирни ўғрилаб, шу туманда яшовчи Феруз Муродовга сотиб юборади. Шунингдек, яккабоғлик изқуварларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мазкур туманда истиқомат қилувчи фуқаро Раҳим Шамсиддиновнинг бир бош сигирини китоблик Жамшид Бахтиёр ўғрилаб, ўз ҳамшаҳари Улуғбек Бозоровга сотиб юборганлиги аниқланди. Жабрланувчининг ўз сигирини таниб олиши ҳамда сотиб олган фуқаронинг гувоҳлик бериши жиноятнинг фош бўлишига асос бўлди.
Бу ҳам камлик қилганидек, Жамшид Бахтиёров ҳамда унинг ҳамтовоқлари бўлмиш Нодир Жабборов ва Феруз Муродов Шаҳрисабз туманида яшовчи Исроил Ҳикматовнинг бош сигирини ўғрилаб, китоблик Илёс Муслимовга сотиб юборган. Ўзгалар мулки ҳисобидан мўмай бойлик орттиришга интилган бу кимсалар шаҳрисабзлик Достон Умаровнинг ҳам бир бош сигирини ўғрилаб сотишади ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Нафси ҳакалак отиб, босар-тусарини билмай қолган бу кимсалар энди Нишон ва Қарши туманларида ҳам пайдо бўлишади. Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўзларининг жиноий қилмишларини амалга ошириш мақсадида Қарши шаҳри ва унга қўшни бўлган туманларнинг йўлларини яхши биладиган, автомашинаси бор шахсларни қидира бошлашади. Уларга қарши ҳудудида чорва моллари боқиш билан шуғулланадиган ва ўғрилик қилиш учун қулай хонадонларни топиш, ана шундай хонадонлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда жиноий гуруҳга хабар бериб туриш вазифасини юклашади. Бунинг эвазига эса мўмайгина ҳақ тўлашни ваъда қилиб, уларин қизиқтиришади.
Ҳатто бу ишга вояга етмаганларни ҳам жалб этади. Улардан бири Акмал Қувватов эди. У раҳнамоларнинг қуруқ ваъдаларига учиб, ўзининг бошқарувчида бўлган “Нексия” русумли автомашинасида Қарши туманида яшовчи Ғайрат аброровнинг бир бош буқаасини ўғрилашда фаол иштирок этади.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида жиноятчиларниг бошини ерга қовуштириб, ўзининг қабиҳ ниятларни амалга ошириб келаётган жиноий гуруҳнинг раҳбари ҳеч қаерда ишламайдиган шу пайтгача бирор-бир ҳунарнинг бошини тутмаган Сирожиддин Ўролов эканлиги маълум бўлди. Гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам жамиятга умуман фойдаси тегмайдиган текинтомоқлар экан. Улар навбатдаги ўғриланган чорва молларини зудлик билан Косон туманидаги мол бозорига олиб бориб сотаётганларида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.