Жаҳон | 23:57 / 14.06.2016
5057
2 дақиқада ўқилади

Эрон Boeing’дан 100 та самолёт сотиб олишга яқин турибди

Эронлик амалдорлар ва АҚШнинг Boeing компанияси вакиллари 100 та йўловчи самолёти сотиб олиш бўйича дастлабки келишувга эришдилар, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Ғарб ва Яқин Шарқдаги манбаларнинг айтишича, Iran Air авиакомпанияси самолётларни АҚШ ҳукумати маъқуллагандан кейин сотиб олиши ёки ижарага олиши керак. Эрон вазири Теҳрон Boeing билан келишувга эришгани ва бунинг тафсилотлари кейинроқ чоп этилишини маълум қилди. 

Эрон Boeing’дан 100 та самолёт сотиб олмоқчи эканлиги январда маълум бўлган. Эрон ўзининг эскириб қолган авиапаркини янгилашга эҳтиёж сезмоқда.

Январда Теҳрон Airbus’дан 25 млрд долларга 118 та самолёт сотиб олишга рози бўлганди. Битим Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг Францияга ташрифи вақтида тузилган ва бу Эрон учун 1979 йилдан бери авиация соҳасидаги энг йирик битим бўлганди.

Эрон томонидан хорижий самолётларнинг сотиб олиниши мамлакатдан санкцияларнинг бекор қилиниши сабабли мумкин бўлди.