Жаҳон | 17:52 / 14.06.2016
11722
2 дақиқада ўқилади

ИШИД террорчиси полициячи ва унинг хотинини 3 ёшли ўғли кўз ўнгида ўлдириб, Facebook орқали трансляция қилди

ИШИД террорчи гуруҳи вакили Ларосси Аббалла француз полицияси ходими ва унинг хотинини 3 ёшли ўғлининг кўз ўнгида ўлдириб, буни Facebook'нинг жонли эфири орқали трансляция қилди. Бу ҳақида Mirror нашри маълум қилди. 

Франциянинг хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Дэвид Томсоннинг айтишича, Ларосси жиноят содир этилган жойдан суратларни ҳам намойиш қилиб, қотилликнинг сабабини батафсил ёзиб қолдирган. У тармоқда 'Mohamed Ali' номи остида қайд қилинган бўлиб, жиноят жойидан жами 15та сурат ва 13 дақиқали видео намойиш қилган. 

Бундан ташқари, террорчи ўлдирилган полиция ходимининг ўғли тасвирланган суратни ҳам ижтимоий тармоққа қўйиб, "ҳозирча уни нима қилишни билмаётганини" айтган. 

Жиноятчи қўлга олинди, унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси тўхтатилди, бола эса қутқарилди. 

Ларосси Аббалла Франциянинг Мант-ла-Жоли шаҳрида таваллуд топган. 

2013 йилда террорчи жиноий гуруҳ таркибида террорчилик актига тайёргарликда айбланиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан ташқари ўғирлик ва зўравонликда ҳам айбланган. У биринчи марта 2011 йилда 19 ёшида жиноий жавобгарликка тортилган. Аббала ижтимоий тармоқлардан Франциядаги ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини ўлдиришга чақириш мақсадида фойдаланган. Бундан ташқари у Афғонистонга одам савдосини йўлга қўйган террорчилар билан алоқаларда гумон қилинмоқда. 

Франция президенти Франсуа Олланд 14 июнь - сешанба куни қандай қилиб аввал ҳибсга олинган террорчи яна қотилликка қўл уриши мумкинлиги муҳокамага қўйиладиган фавқулодда йиғилиш ўтказиши таъкидланди.