Италиялик 80 ёшида ўрта мактабни битиришга қарор қилди
Италиянинг Бриндизи шаҳридаги Леонардо да Винчи номидаги ўрта мактаб ўқувчилари 13 июнда ўзининг кекса ёшига қарамасдан битирув имтиҳоларини топширмоқчи бўлган 80 ёшли Антонио Пульезени парта ортида кўриб ҳайратланишди.
Пульезе 1935 йилда Италиянинг жанубида оддий деҳқонлар оиласида дунёга келган. Унинг отаси фронтга чақирилган ва 6 ёшли Пульезе оиласига ёрдам бериш мақсадида далада ишлай бошлаган. Шу сабабли у 5-синфда мактабни батамом ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Антонио бутун умри давомида қишлоқда ишлаган ва бундан ҳеч ҳам ачинмаган. "Ҳанузгача менинг ишчи куним тонгги соат 5дан бошланади ва бу менга қувонч бағишлайди. Мен ҳар доим ерни яхши кўрганман ва бу муҳаббатим бутун умрим давом этиб келмоқда", деб ўз ҳаёти ҳақида BrindisiReport маҳаллий онлайн-нашр журналистларига гапириб берди қария.
Қария ўзининг ерга муҳаббатини нафақат 6 нафар фарзанди ва 9 нафар набирасига, балки Бриндизи ўқувчитларига ҳам беришга қарор қилди. Охирги йиллар у болалар олдида нутқ сўзлаб, уларга боғ ўстириш ёки томорқани яратиш ҳақида маълумот бериб келади.
Айнан шу антиқа дарслар давомида қариянинг миясига мактабни битириш фикри келиб қолди. Натижада қария ўзининг набираси Велия ҳамроҳлигида 13 июнда италян тили бўйича биринчи битирув имтиҳонини топширгани мактабга келди. Яқин кунларда у математика ва бошқа фанлардан имтиҳон топшириши керак.