Минглаб инсонлар Chevrolet автомобилини ютиб олиш ҳақидаги хабарга алданишди
Фейсбук ижтимоий тармоғида Captiva, Malibu, Gentra ва бошқа машиналар ютуқ сифатида қўйилгани ва уни "лайк" ҳамда репост эвазига ютиб олиш мумкинлиги ҳақидаги хабарлар оммалашиб кетди. Қизиғи шундаки, бу "чўпчак"ка ўн мингдан ортиқ фойдаланувчилар ишонишган. Шунингдек, ёлғон постлар қолдираётган Chevrolet Uzbekistan номли саҳифага 17 мингдан ортиқ киши аъзо бўлган.
Фейбукдаги "сохта" Chevrolet Gentra саҳифаси хабар беришича, Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан тармоқда 2 та Chevrolet Gentra автомобилининг янги модели ўйналмоқда. Маълум бўлишича, автомобиллар соҳибига айланиш учун бор-йўғи учта оддий шартни бажариш лозим:
1. Chevrolet Gentra саҳифасига лайк босиш
2. Бу янгиликни дўстлар билан бўлишиш
3. Изоҳда 5 яқин дўстларни қайд этиш.
Бу бор-йўғи ёлғон янгилик эканлигини бир қатор нашрлар, расмий саҳифалар қайта-қайта таъкидласа-да, фойдаланувчилар ўйинда иштирок этишда давом этишмоқда.
GM Uzbekistan матбуот хизмати бу ёлғон хабарларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган. GM Uzbekistan расмий аккаунтида қолдирилган хабарда қайд этилишича, ишончли янгиликлар ва ўтказилаётган акциялар ҳақида фақатгина uzautosanoat.uz ва chevrolet.uz расмий сайтлари эълон қилади. Шунингдек, авто ишлаб чиқариш компаниясининг фейсбукдаги расмий саҳифасида ҳам аниқ маълумотларни олиш мумкин.
Шундан сўнг, "ёлғон" пост жойлаштирилган биринчи саҳифада танлов шунчаки "тажриба" бўлгани ва инсонларни алдаш қанчалик осон эканлигини кўрсатиб бериш мақсадида ўтказилгани тўғрисида хабар ёзилган.
Биринчи апрель - Кулги куни муносабати билан фейсбукдаги Matiz номли саҳифа ҳам ҳазил тариқасида ёлғон хабар қолдирган эди. Хабардаги жумлалар ишонарсиз ва ҳазилга бош бўлишига қарамай, мингдан ортиқ фойдаланувчи ютишига ишонган ҳолда изоҳ қолдириб, лайк босган эди.