Парижда полициячини ўлдириб, унинг оиласини гаровга олган жиноятчи йўқ қилинди
Париж атрофидаги Маньанвил шаҳрида жиноятчи полициячини ўлдириб, унинг уйида қамалиб олиб, полициячи оиласи – рафиқаси ва ўғлини гаровга олди, деб хабар бермоқда Le Figaro нашри. Воқеа 13 июнда соат 20:30ларда содир бўлган.
BFMTV нашрининг маълум қилишича, полициячи уйи олдида бир эркак билан жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида жиноятчи полициячига 9 марта пичоқ урган. Шундан кейин у полициячи уйига бостириб кирган ва унинг оиласини гаровга олган.
Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари етиб келганлар ва жиноятчи билан музокаралар олиб борганлар.
Le Parisien нашри маълумотларига кўра, жиноятчи полициячининг қўшниси бўлган. Бироқ Франция ички ишлар вазирлиги матбуот котиби жиноятчи шахси ва уни жиноятга ундаган сабаблар ҳозирча ўрнатилмаганини маълум қилган.
Жиноятчи штурм вақтида йўқ қилинди. Воқеа жойи кўздан кечирилганда аёл жасади аниқланган, 3 ёшли бола омон қолган.
Таъкидланишича, жиноятчи билан музокараларда Франция миллий полицияси RAID бўлими ходимлари иштирок этган. Штурм "вазият боши берк кўчага кириб қолгач", 14 июнга ўтар кечаси бошланган. Маълум қилинишича, музокаралар бораётган вақтда уй ичидан баланд пақилдоқ овозлар келган.
ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари бу қотиллик учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.
Amaq ахборот агентлиги хабарида жиноятчи ИШИД жангариси бўлиб, Мюро коммунаси йўл полицияси бошлиғи ўринбосари ва унинг рафиқасини ўлдиргани айтилган.
Франция ички ишлар вазири Бернар Казнев ҳалок бўлган полициячи ва унинг рафиқаси яқинларига ҳамдардлик билдирди.